Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Табиатни асраш — инсониятни асраш демак

Табиатни асраш — инсониятни асраш демак

Юртимизнинг гўзал табиати, мусаффо ҳавоси, зилолдек тиниқ ва шифобахш сувлари ҳар қандай кишини ўзига мафтун этади. Айниқса, табиат бағридан униб чиққан ҳар бир гиёҳ, ҳар бир дарахт ўзига хос бир оламдир.

Она Ер, зилол сув, мусаффо ҳаво, гўзал табиатни асрашга, улардан оқилон фойдаланиш, табиатга оқилона муносабатда бўлиш, флора ва фауна оламини асраб-авайлаш, бетакрор гўзалликни келажак авлодга бус-бутунлигича етказишга ҳар бир биримиз масъулмиз.

Шу боис, табиатнинг ноёб флора ва фаунасини муҳофазалаш, бундай ҳудудларни кенгайтириш мақсадида юртимизда 11 январь — Қўриқхона ва миллий боғлар куни сифатида кенг нишонланади.

Халқаро ҳуқуқ нормаларига кўра, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тизимини ривожлантириш, уларни бошқариш ва бутлигини сақлаш ҳамда самарали фаолият юритишини таъминлаш ҳар бир давлатнинг биринчи даражали вазифаси сифатида эътироф этилган.

Сўнгги йилларда республикада ўзига хос, ноёб, қимматли табиий объектларни ва мажмуаларни, ўсимликларнинг ва ҳайвонларнинг ирсий фондини сақлаб қолиш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Асосийси, табиатни муҳофаза этишга йўналтирилган ушбу тоифали табиий ҳудудлар майдонини кенгайтириш ва ривожлантириш давлат сиёсати даражасига олиб чиқилди.

Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларни бошқариш бўйича муносабатларни тартибга солувчи мустаҳкам ташкилий-ҳуқуқий асослар яратилди. Хусусан, “Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тўғрисида”ги қонун мазкур ҳудудларни ташкил этиш, бошқариш ва кенгайтириш билан боғлиқ ҳуқуқий асосларни белгилаб бермоқда.

Қонун талабларига асосан муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларнинг янги турлари — ландшафтларни, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини, шу жумладан Ўзбекистон Республикасининг Қизил китобига киритилган ноёб ва йўқолиб бораётган турларини, бошқа табиий объектлар ва мажмуаларни сақлаб қолиш ва қайта тиклашга, шунингдек, экологик муҳитни яхшилаш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланишни таъминлашга кўмаклашадиган давлат биосфера резерватлари, мажмуа (ландшафт) буюртма қўриқхоналар яратилди.

Бугунги кунда Ўзбекистоннинг муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлари тизимига 8 та давлат қўриқхоналари, 2 та давлат биосфера резервати, 3 та миллий табиат боғи, 10 та давлат буюртма қўриқхоналари, 6 та табиат ёдгорликлари, 3 та ёввойи ҳайвонларни кўпайтириш бўйича питомниклар, республика ҳудудидан оқиб ўтувчи 8 та дарёларининг сувни муҳофаза қилиш зоналари, республика ҳудудида жойлашган халқаро аҳамиятга эга бўлган сув-ботқоқ жойлари рўйхатга киритилган 2 та кўллар киради.

2030 йилгача бўлган даврда Ўзбекистон Республикасининг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш концепциясида ушбу мақомга эга ҳудудларни ривожлантириш асосий стратегик йўналишлардан бири сифатида қайд этилган.

Концепция доирасида мамлакатимизда олиб борилган ушбу янгича ёндашувлар натижасида муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар майдони мамлакат умумий майдонининг 8,3 фоизига етказилди. Ваҳоланки, бу кўрсаткич 2017 йилда 5,2 фоизни ташкил этган.

Шунингдек, концепцияда трансчегаравий қўриқланадиган табиий ҳудудларни ташкил этиш назарда тутилган бўлиб, ушбу майдонларни ташкил этиш нафақат миллий манфаатларимиз, балки минтақа давлатлари манфаатлари учун ҳам муҳим аҳамият касб этади.

Шу жиҳатдан, бугун халқаро ташкилотлар томонидан мамлакатимиздаги мавжуд муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларга юқори баҳо берилмоқда. Хусусан, 2021 йилда Қуйи Амударё биосфера резерватини ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳаон биосфера резерватлари тармоғига киритилиши бунинг ёрқин намунасидир.

Хулоса ўрнида айтганда, мамлакатимизда муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларни ривожлантириш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар юртимизда экологик барқарорликни таъминлаш, фуқароларимизнинг Конституциямизда белгиланган қулай атроф-муҳитда яшаш ҳуқуқи ва эркинликларига хизмат қилади.

 

Моҳира ХОДЖАЕВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг депутати,

Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси аъзоси


Кўришлар сони: 5

Депутатлар минбари

Янгиликлар

11.01.2023
Қонун лойиҳаси билан солиқ имтиёзлари берилади

2023 йил 11 январь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси...

10.01.2023
Ўқитувчиларни мажбурий меҳнатга жалб қилганлик учун жавобгарлик кучайтирилмоқда

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик...

10.01.2023
Яна бир Конвенция ратификация қилинмоқда

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида “Халқаро меҳнат ташкилотининг ишчиларни...

Тадбирлар тақвими