Депутат фикри
Яна бир ҳужжат ратификация қилинади
.jpg)
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан халқаро конвенцияларни ратификация қилиш жараёнида Ўзбекистон Республикаси томонидан ноёб тажриба қўлланилмоқда. Яъни халқаро-ҳуқуқий ҳужжатлар нормалари дастлаб миллий қонунчиликка имплементация қилиниб, шундан кейин ратификация қилиш амалиёти йўлга қўйилди.
Хусусан, Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ)нинг 148-сонли Конвенциясида белгиланган талаблар янги таҳрирда қабул қилинган Меҳнат кодексининг меҳнатни муҳофаза қилиш билан боғлиқ XIII боби, Ўзбекистон Республикасининг Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунининг ўндан ортиқ моддалари, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс, “Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонун ва 300 дан ортиқ меҳнатни муҳофаза қилишга оид қоидалар ва меъёрлар, шунингдек, техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар билан белгиланган.
Парламент қуйи палатасининг навбатдаги мажлисида “Халқаро меҳнат ташкилотининг ишчиларни иш жойида ҳаво ифлосланиши, шовқин ва тебраниш туфайли вужудга келадиган касбий хавф-хатардан ҳимоялаш тўғрисидаги 148-сонли Конвенциясини (Женева, 1977 йил 20 июнь) ратификация қилиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси ҳам обдон муҳокама қилинди.
ХМТнинг 148-сонли Конвенцияси ратификация қилиниши, миллий қонунчиликни янада такомиллаштириш, хусусан, Халқаро меҳнат ташкилоти ҳужжатларида белгиланган, иш жойида ҳаво ифлосланиши, шовқин ва тебраниш туфайли вужудга келадиган касбий хавф-хатарларнинг олдини олиш, аниқлаш ҳамда бартараф этиш борасидаги халқаро стандартларнинг самарали жорий этилиши ва бажарилишига хизмат қилади.
ХМТга аъзо давлат у ёки бу конвенцияни ратификация қилганда ундаги қоидаларни миллий қонун ҳужжатларида ва амалиётда қўллаш мажбуриятини ўз зиммасига олади. Шундан келиб чиқиб, ушбу конвенциянинг ратификация қилиниши меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги ваколатли давлат органлари, меҳнатни муҳофаза қилишга оид талабларга риоя этилиши устидан давлат назорати ҳамда текширувини амалга оширувчи органлар, шунингдек, касаба уюшмалари ва, албатта, иш берувчилар маъсулиятини оширади.
Шу нуқтаи назардан, бу борада биз, депутатлар сайлов округларидаги фаолиятимизда, назорат-таҳлил тадбирларида конвенция талаблари бажарилишининг ижро этилиш ҳолатларини ўрганиб, маъсул давлат органлари билан муҳокама қилиб боришимиз лозим бўлади.
Нодир ТИЛАВОЛДИЕВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати
Кўришлар сони: 8