Cайт ранги: A A


Депутат фикри

БМТ барқарор ривожланиш мақсадлари: миллий парламентлар вазифалари

БМТ барқарор ривожланиш мақсадлари: миллий парламентлар вазифалари

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг навбатдаги халқаро норма ижодкорлик ташаббуси билан 2020 йилда БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида илгари сурган “Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишни жададаллаштиришда парламентларнинг ролини кучайтириш тўғрисида”ги резолюция БМТ Бош Ассамблеясининг 2022 йил 14 декабрдаги 77-сессиясида бир овоздан маъқулланди. Бу нимани англатади?

Ўзбекистон Президенти ташаббусининг БМТ томонидан эътирофи

Биринчидан, дунёнинг барча қитъаларидаги 80 давлат, жумладан, Марказий Осиё мамлакатлари, Австрия, Бангладеш, Баҳрайн, Бельгия, Германия, Жазоир, Испания, Индонезия, Италия, Колумбия, Корея Республикаси, Малайзия, Миср, Нидерландия, Норвегия, Покистон, Португалия, Россия, Сингапур, Финляндия, Франция, ХХР, Швеция, Япония, Қатар ва бошқалар мазкур халқаро юмшоқ ҳуқуқ намунаси бўлмиш ҳужжатнинг ҳаммуаллифи бўлди.

Иккинчидан, 179 миллий парламентни бирлаштирган Парламентлараро иттифоқ – ушбу резолюцияни жорий йил сентябрда бўлиб ўтадиган БРМ (Барқарор рнивожланиш мақсадлари) бўйича дунё саммитига тайёргарлик йўлидаги муҳим асос сифатида баҳолади.

Парламентлараро Иттифоқ президенти Дуарте Пачеко бугунги кунда ушбу ташкилот ва жаҳон ҳамжамияти Ўзбекистон Президентининг мамлакатда “инклюзив демократияни ривожлантириш, БРМга эришиш миллий стратегиясини ҳаётга татбиқ этиш, аёллар ва ёшларни мамлакатнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётига кенг жалб этиш, инсон қадрини юксалтириш каби ташаббусларини” нафақат қўллаб-қувватламоқда, балки уларни умуминсоний қадриятларни рўёбга чиқариш борасидаги муҳим қадам, дея баҳолаяпти.

Шу ўринда у Барқарор ривожланиш мақсадларининг ижроси юзасидан сўнгги йилларда юртимизда ўтказилган қатор тадбирларни, хусусан, 2021 йил Бухоро шаҳрида ташкиллаштирилган “Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда парламентлараро глобал ҳамкорлик” мавзусидаги парламент форуми, 2022 йил Тошкент шаҳрида ўтказилган Парламентлараро Иттифоққа аъзо давлатлар аёл раҳбарларининг 14-саммитини эслатиб ўтди. Ушбу халқаро форумлар доирасида қабул қилинган ва БМТ, Парламентлараро Иттифоқнинг ҳужжатлари сифатида тарқатилган тегишли Бухоро ва Тошкент декларациялари нафақат БРМга эришиш, балки ушбу жараёнларда парламентларнинг ролини оширишга ҳам хизмат қилмоқда.

Учинчидан, сўнгги 6 йилда БМТ Бош Ассамблеяси ўзининг ҳар бир сессиясида далатимиз раҳбари ташаббуси ва таклифлари асосида халқаро миқёсдаги ҳуқуқий ҳужжат қабул қилиб, амалиётга татбиқ этмоқда.

Бир сўз билан айтганда, ҳозирда жаҳон ҳамжамияти янги Ўзбекистон тимсолида нафақат минтақада, балки халқаро майдонда ўта долзарб халқаро ҳуқуқий масалаларни ҳал этиш борасида кун тартибини белгилаб берувчи ташаббускор ва фаол давлатни кўрмоқда.

Таъкидлаш жоизки, бу Президентимизнинг сўнгги олти йилда БМТ Бош Ассамблеяси томонидан қўллаб-қувватланган еттинчи ташаббусидир. Ҳозирга қадар, давлатимиз раҳбаримизнинг миллий ва умумбашарий муаммоларни ҳал этишга қаратилган тарихий ташаббуслари билан БМТ Бош Ассамблеясининг:

1. “Марказий Осиё минтақасида тинчлик, барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлаш бўйича минтақавий ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш” (22.06.2018 й.);

2. “Маърифат ва диний бағрикенглик” (12.12.2018 й.);

3. “Марказий Осиёда барқарор туризм ва барқарор ривожланиш” (19.12.2019 й.);

4. “Оролбўйи минтақасини экологик инновация ва технологиялар ҳудуди деб эълон қилиш” (18.05.2021 й.);

5. “Марказий ва Жанубий Осиёда ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш” (11.07.2022 й.);

6. “Барқарор ривожланиш максадларига эришишни жададаллашитришда парламентларнинг ролини кучайтириш” (14.12.2022 й.) тўғрисидаги резолюциялари;

7. Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўпшериклик Траст жамғармасига асос солишга оид (27.11.2018 й.) қарори қабул қилинди.

Тўртинчидан, шубҳасиз, давлатимиз раҳбарининг жаҳон даражасидаги ташаббускор ва етук сиёсатчи, инсоният олдида турган минтақавий ва глобал миқёсдаги мураккаб ва нозик муаммоларни ечиш борасида аниқ ва асосли йўл кўрсатадиган тажрибали, юксак салоҳиятли шахс сифатида ҳам тан олинаётгани исботидир. Бу, шунингдек, унинг прагматик ташқи сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий ва экологик ташаббусларининг жаҳоний эътирофидир.

Бешинчидан, Парламентлараро Иттифоқ Бош котиби Мартин Чунгонгнинг таъкидлашича, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан қабул қилинган ушбу резолюция – БМТ тарихида қабул қилинган айнан дунё мамлакатлари парламентларига оид илк ҳужжатдир. Бунга қадар БМТ ҳужжатлари асосан ижроия ҳокимиятига тааллуқли бўлган. Бу, ўз навбатида, Президентимизнинг ушбу ташаббусларига бўлган юксак эътибор ва эътирофдан далолат беради.

Ўзбекистон Президенти ташаббусининг асослари

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Барқарор ривожланиш максадларига эришишни жададаллашитришда парламентларнинг ролини кучайтириш тўғрисида”ги резолюцияни қабул қилиш борасидаги ташаббусини, хусусан, қуйидаги учта асосини кўрсатиш мумкин.

Биринчи асос. Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясининг 96-мақсади мамлакатимизнинг БМТ органлари ва институтлари, глобал ва минтақавий иқтисодий, молиявий ва гуманитар ташкилотлардаги фаолиятини кучайтириш, Ўзбекистон Раҳбариятининг БМТ доирасидаги ташаббусларини амалга оширишни таъминлаш, БМТ ва унинг муассасалари билан иқтисодий-молиявий, маданий-гуманитар ва консультатив ҳамкорликни жадаллаштириш, БМТнинг “Инсон ҳуқуқлари йўлида ҳаракатга даъват” ташаббусини илгари суриш учун барча шериклар билан яқин ҳамкорликни давом эттиришни назарда тутади.

БМТ ва унинг ихтисослашган муассасалари (БМТ Тараққиёт дастури, ЮНЕСКО, ЮНИСЕФ, ЮНИДО, ХМТ, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, ФАО ва бошқалар) билан жаҳон ҳамжамиятнинг тенг ҳуқуқли аъзоси сифатида яқиндан ҳамкорлик қилиш ва улар фаолиятини мамлакатимизнинг миллий манфаатларидан келиб чиқиб умумжаҳон, минтақавий ва миллий аҳамиятларга эга муаммоларни ҳал этишга йўналтириш бўйича турли ташаббусларни илгари суриш ва амалга ошириш – Янги Ўзбекистон очиқ, прагматик ва фаол ташқи сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади.

Иккинчи асос. БМТ Бош Ассамблеясининг 2015 йил сентябрда Барқарор ривожланиш бўйича ўтказилган саммитида 2030 йилгача бўлган даврда БМТ Глобал кун тартибининг Барқарор ривожланиш мақсадлари белгиланди ва уларни изчил амалга оширишга киришилди.

Дунё етакчиларининг таъкидлашича, мазкур “Глобал кун тартиби, бу – инсоният, сайёрамиз ва фаровонлик йўлидаги ҳаракат режаси бўлиб, дунёда иқтисодий, ижтимоий ва экологик вазиятни ҳар томонлама яхшилаш орқали бутун инсониятнинг ҳаёт тарзини яхшилаш ва турмуш фаровонлигини ошириш, адолатли ва барқарор жамият қуришга хизмат қилади. У барқарор ривожланишнинг учта йўналишииқтисодий, ижтимоий ва экологик мувозанатни, барқарорликни таъминлашга қаратилган”.

Глобал кун тартибида 17 Барқарор ривожланиш мақсади (БРМ) – БМТ томонидан қайд этилган инсониятнинг глобал муаммолари, шунингдек, ушбу муаммоларни ҳал қилиш ва уларга эришиш йўлларини белгилайдиган 169 вазифа белгиланган. Мазкур халқаро ҳужжат инсониятнинг яқин ва узоқ келажакдаги барқарор тараққиётини таъминлашнинг мустаҳкам халқаро ҳуқуқий-ташкилий замини ҳисобланади.

БМТнинг БРМга мувофиқ равишда, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасида 16 Миллий мақсад ҳамда уларга самарали эришиш йўлида 126 вазифа белгилаб берилди. Миллий Барқарор ривожланиш мақсадларини комплекс, тармоқ ва минтақавий ривожланиш стратегияси ва дастурларига интеграция қилиш, Миллий БРМни амалга ошириш бўйича масъул вазирлик ва идоралар фаолиятини самарали ташкил этиш, тармоқлараро мувофиқлаштириш ҳамда уларга эришиш йўлида комплекс ёндашувни таъминлаш бўйича мунтазам саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда.

Ўзбекистонда қабул қилинган ва амалга оширилаётган мамлакатни ривожлантиришнинг иккита стратегик дастури:

• 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси;

• 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси инсон шаъни ва қадр-қиммати, унинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш ва ҳимоя қилиш соҳасида мамлакат ўз зиммасига олган халқаро мажбуриятларни тўлиқ қамраб олган, шу билан бирга, Глобал кун тартибини амалга оширишга ҳам ҳамоҳангдир.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, Президентимиз таъбири билан айтганда, Ўзбекистонда “Инсон қадри, манфаатлари – ҳамма нарсадан устун” деган тамойил асосида амалга оширилаётган ислоҳотлар фалсафаси инсон, жамият ва давлатнинг барқарор ривожланишини таъминлаш ғоясига асосланади. Ушбу икки стратегия эса 2030 йилгача бўлган даврда мамлакатимизнинг Глобал кун тартибининг БРМга эришишини таъминлашга қаратилган миллий фаолият дастуридир.

“Янги Ўзбекистонни барпо этишнинг асосий устувор йўналишлари давлат бошқарувини такомиллаштириш, камбағалликни қисқартириш ва 2030 йилга бориб аҳолиси ўртачадан юқори даромад оладиган давлатлар қаторидан жой олиш, инклюзив ижтимоий тараққиётни таъминлаш, Марказий Осиё минтақасида яхши қўшничилик ва барқарорликни мустаҳкамлаш ҳисобланади. Биз Барқарор ривожланиш мақсадларига биргаликда эришиш учун кенг кўламли халқаро шерикликка, шу жумладан, “Жануб – Жануб” форматидаги ҳамкорликка очиқмиз ва бу йўлга содиқмиз”, деб таъкидлайди Президентимиз Шавкат Мирзиёев.

Давлатимиз раҳбари ташаббуслари билан 2030 йилгача мамлакатда камбағаллик даражасини икки баробарга қисқартириш, аҳолининг энг кам таъминланган 40 фоизи даромадларининг ўсишини мамлакат бўйича белгиланган ўртача даражадан юқори бўлишига эришиш, қўллаб-қувватлашга муҳтож аёллар ва ёшлар яшайдиган кам таъминланган оилаларнинг эҳтиёжларига давлат томонидан эътибор қаратиш амалиёти (“Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари”) йўлга қўйилди. Бу борада янги, янада такомиллашган шарт-шароитлар яратилди. Бу, ўз навбатида, БМТ Бош котиби А.Гутерришнинг “ҳеч кимни ортда қолдирмаслик” чақирувига тўла-тўкис мос келади.

2020 йилда Ўзбекистон Республикаси илк марта “Барқарор ривожланиш соҳасида Глобал кун тартиби – 2030 ни амалга ошириш тўғрисида”ги Ихтиёрий миллий ҳисоботини тақдим этди.

Учинчи асос. Ўтган давр мобайнида Ўзбекистонда Миллий БРМ ва БРМга эришиш бўйича амалга оширилган ишларда нафақат ҳукумат, ижро этувчи ва суд ҳокимияти органлари, балки ҳокимиятнинг барча бўғинлари, энг муҳими, жамиятнинг барча қатламлари, фуқаролик жамияти институтлари саъй-ҳаракатларини бирлаштиришга устувор аҳамият қаратилди.

Президентимиз ташаббуси билан мамлакатимизда жамият ва давлат ҳаётида, жумладан, фуқароларнинг жамият ва давлат бошқарувидаги иштироки борасидаги конституциявий ҳуқуқларини таъминлашда парламент, барча даражадаги вакиллик ҳокимияти органлари, сиёсий партиялар, фуқаролик жамияти институтларининг роли ва аҳамиятини ошириш борасида тизимли ташкилий-ҳуқуқий тадбирлар амалга оширилмоқда.

Барқарор ривожланиш мақсадлари амалга оширилиши бўйича Парламент комиссияси

Ўзбекистон Республикасини барқарор ривожлантириш соҳасидаги Миллий мақсадлар ва вазифаларнинг 2030 йилгача бўлган даврда амалга оширилишини назорат қилиш бўйича Парламент комиссияси тузилди. Бундаги асосий мақсад – Миллий БРМ ва уларни амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси”нинг ўз вақтида ва сифатли бажарилишини назорат қилиш, фуқаролар ва давлат органлари, хўжалик бошқаруви органлари ҳамда мамлакатнинг бошқа ташкилотлари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш, ушбу масала бўйича парламент ва жамоатчилик муҳокамаларини ташкил этиш, шунингдек, ҳар бир инсон манфаатларини таъминлашга қаратилган давлат сиёсатини амалга оширишга кўмаклашишдир.

Бир сўз билан айтганда, мамлакатимизда БРМга эришиш мақсадида “Парламент – фуқаролик жамияти институтлари – бизнес ҳамжамият – Ҳукумат” ўртасидаги ҳамкорликни таъминлаш Парламент комиссиясининг устувор вазифасидир.

Парламент комиссияси тузилиши, хусусан, барқарор ривожланишни Янги Ўзбекистон тараққиётининг янги парадигмаси – “Инсон – жамият - давлат” тамойили асосида амалга ошириш борасидаги саъй-ҳаракатларга янгича суръат берди. Бугунги кунгача Парламент комиссияси мажлисларида 28 вазирлик ва идора раҳбарларининг ҳисоботи эшитилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди. Уларда аҳолининг кам таъминланганлик даражасини пасайтириш, бандлигини таъминлаш озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлаш, овқатланиш рационини яхшилаш ва қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, аҳоли саломатлигини сақлаш, сифатли таълимни, гендер тенгликни таъминлаш ва хотин-қизларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, барқарор инфратузилмани яратиш, саноатлашув ва инновацияларни жорий этиш, шаҳарлар ва аҳоли яшаш пунктларининг очиқлиги, хавфсизлиги ва экологик барқарорлигини таъминлаш каби кўплаб муҳим масалалар ва аниқланган муаммоларни бартараф этишга алоҳида эътибор қаратилди.

Парламент комиссияси ва унинг аъзолари нафақат республика даражасида, балки вилоятлар ва туманлар кесимида ҳам Миллий БРМга эришиш масалаларини кўриб чиқмоқда. Биргина 2022 йилда Парламент комиссияси, унинг аъзолари, сиёсий партиялар томонидан жойларда БРМ соҳасидаги Миллий мақсадларга эришиш, тегишли тармоқ ва соҳалардаги вазифалар ижросига бағишланган кўплаб чора-тадбирлар амалга оширилди. Уларнинг натижалари парламент палаталари, маҳаллий Халқ депутатлари кенгашлари йиғилишларида кўриб чиқилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.

Таъкидлаш жоизки, Парламент комиссияси Ўзбекистон томонидан БРМга эришиш бўйича Миллий индикаторлар муваффақиятли амалга оширилиши ва бу ҳозирда турли халқаро рейтинг ва индексларда мамлакатимизнинг мавқеини юксалтиришга хизмат қилиши лозимлигига алоҳида урғу бермоқда.

Натижада, Ўзбекистонда амалга оширилаётган ва БРМга эришишга қаратилган ислоҳотлар халқаро рейтинг агентликлари томонидан ҳам муносиб баҳоланмоқда. Хусусан, БМТ ва “Bertelsmann” жамғармасининг Барқарор ривожланиш мақсадлари рейтингида мамлакатимиз жорий йилда 165 мамлакат орасида 77-ўринни эгаллади.

Барқарор ривожланиш максадларига эришишда парламентлар ролини ошириш бўйича устувор вазифалар

БМТ Бош Ассамблеясининг 77-сессиясида қабул қилинган ушбу резолюцияни таҳлил қилиш асосида, ундаги тавсия ва таклифлар Янги Ўзбекистоннинг сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳалардаги ислоҳотлари ва изчил амалга оширилаётган Тараққиёт стратегиясининг энг муҳим йўналишлари ифодаси эканига гувоҳ бўлиш мумкин.

Зеро, Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси – инсон қадри, унинг ҳуқуқлари, эрклинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлашга қаратилган халқчил дастур. Бу, ўз навбатида, БМТ томонидан БРМга эришишнинг энг асосий, зарурий ва муҳим шарти, деб тан олинган.

Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясининг глобал даражадаги аҳамияти ҳақида сўз юритар эканмиз, унда БМТ органлари ва институтлари, халқаро ва минтақавий иқтисодий, молиявий ва гуманитар ташкилотлардаги фаолиятни кучайтириш, хусусан, иқлим, экология, терроризм, коррупция, миграция, камбағаллик каби глобал муаммоларни ҳал этиш борасида халқаро ҳамкорликни янги босқичга кўтариш устувор вазифа этиб белгиланганини алоҳида қайд этиш лозим. Жумладан, Тараққиёт стратегиясида мамлакатимиздаги ислоҳотларни изчил давом эттиришда Олий Мажлис палаталари ва сиёсий партиялар ролини янада оширишга, парламент фаолиятида ёшлар ва аёллар иштирокини фаол таъминлаш, парламентлараро ҳамкорликни кучайтириш, Ўзбекистоннинг БМТ институтларидаги, молиявий ва гуманитар ташкилотлардаги иштирокини фаоллаштириш каби масалаларга алоҳида эътибор қаратилган.

БМТнинг мазкур резолюциясида миллий парламентларнинг устувор вазифалари белгилаб берилган, жумладан,

биринчидан, халқаро ҳуқуқнинг “ҳеч кимни ортда қолдирмаслик” тамойилига амал қилган ҳолда, пандемиядан энг кўп жабр кўраётган энг камбағал ва ҳимоясиз қатламлар яшаши учун барқарор ва инклюзив тикланиш стратегияларини ишлаб чиқиш;

иккинчидан, иқтисодий, ижтимоий ва экологик жиҳатдан мувозанатли ва комплекс барқарор ривожланишга эришишда парламентларнинг институционал салоҳиятини мустаҳкамлаш;

учинчидан, парламентлар миллий ҳуқуқий базаларининг Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишга қўшган ҳиссасини баҳолаш;

тўртинчидан, БМТнинг йирик тадбирларида, шу жумладан, Барқарор ривожланиш бўйича олий даражадаги сиёсий форумда парламент аъзоларининг иштирокини таъминлаш, бунда гендер балансига риоя этилишига эътибор қаратиш;

бешинчидан, ёшларнинг парламент жараёнларида тўлиқ, тенг ҳуқуқли ва таъсирчан иштирокини таъминлаш;

олтинчидан, Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда парламент ва мустақил назорат қилувчи органлар билан мустаҳкам ва конструктив муносабатларни йўлга қўйиш, барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий дастурлар ва стратегияларнинг бажарилишини мониторинг қилиш ва баҳолашда мустақил назорат қилувчи органлар фаолиятига кўмаклашиш;

еттинчидан, кенг аҳоли қатламларини парламент фаолияти, хусусан, 2030 йилгача бўлган даврда БМТ Глобал кун тартибининг Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш жараёни мониторингида иштирокини таъминлаш;

саккизинчидан, парламентларни Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишини жадаллаштириш бўйича саъй-ҳаракатлари марказига гендер тенглиги ва хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини таъминлаш масаласини қўйиш;

тўққизинчидан, парламентларда хотин-қизларнинг тўлиқ, тенг, мазмунли иштироки ва вакиллигини рағбатлантириш;

ўнинчидан, миллий вакиллик органларини парламент фаолиятида ёшларнинг тўлиқ, тенг ва мазмунли иштирокини таъминлаш чораларини ишлаб чиқиш;

ўн биринчидан, БМТ аъзо давлатларини Барқарор ривожланишнинг барча 17 мақсадига мувозанатли ва интеграциялашган тарзда эришишни тезлаштиришда парламентлар етакчилигини рағбатлантириш каби қатор масалаларга эътибор бериш тавсия қилинган.

Мазкур резолюцияда миллий Парламентларни қўллаб-қувватлаш, уларни БРМга эришиш бўйича келгуси фаолият ва улар эришилишини кузатиш жараёнларига, ихтиёрий миллий маърузаларни тайёрлашга жалб қилиш, миллий масъулият, ҳисобдорликни таъминлаш ва кучайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.

“Барқарор ривожланиш максадларига эришишни жададаллашитришда парламентларнинг ролини кучайтириш тўғрисида”ги резолюцияни ҳаётга татбиқ этиш бўйича “Йўл харитаси”

Ушбу резолюциянинг глобал ва миллий аҳамияти, дунёдаги энг нуфузли ташкилот – БМТ Бош Ассамблеяси томонидан қабул қилинганини эътиборга олиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Кенгаши ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг “Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 2022 йил 14 декабрдаги “Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишни жадаллаштиришда парламентлар ролини кучайтириш тўғрисида”ги резолюциясини амалга ошириш чоралари тўғрисида”ги қўшма қарори қабул қилинди. Шунингдек, уни амалга ошириш бўйича 13 йўналиш бўйича 50 дан зиёд аниқ чора-тадбирларни ўз ичига олган “Йўл харитаси” тасдиқланди.

Ушбу қўшма қарор билан тасдиқланган “Йўл харитаси”да қуйидаги йўналишлардаги чора-тадбирлар кўзда тутилади:

• миллий қонунчилик асосларининг Барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифаларга мослиги нуқтаи назаридан баҳолаш мақсадида норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни инвентаризациядан ўтказиш, жумладан, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда гендер тенглик принципларига мувофиқ бўлмаган қоидаларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш чораларини кўриш;

• Ўзбекистонда БРМни амалга ошириш бўйича миллий маърузаларни тайёрлаш, Олий Мажлис палаталарининг мажлислари, Парламент комиссияси йиғилишларида тегишли Бош вазир ўринбосарлари, масъул вазирлик ва идораларнинг ахборотларини (хусусан, БРМ Миллий индикаторлари бўйича) эшитиб бориш;

• аёллар ва қизлар, имконияти чекланган шахслар, ёшларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича парламент назоратини кучайтириш, парламент фаолиятига ёшларни фаол жалб этиш мақсадида “Барқарор ривожланиш мақсадлари ёшлар элчилари” корпусини шакллантириш;

• нодавлат нотижорат ташкилотларини миллий барқарор ривожланиш мақсадларига эришишга жалб қилиш мақсадида давлат ижтимоий буюртмасини жойлаштириш ҳамда давлат гранти танловларини эълон қилиш;

• резолюциянинг мазмун-моҳияти, мақсад ва вазифалари ҳамда “Йўл харитаси” доирасида эришилган натижалар ҳақида миллий ва халқаро жамоатчиликни хабардор қилиб бориш каби устувор вазифалар белгиланган.

Қўшма қарорда алоҳида диққатга сазовор масала, бу – фуқаролик жамияти институтларига (хусусан, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси, Барқарор ривожланиш маркази):

• доимий равишда барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифаларни изчил амалга оширишда нодавлат нотижорат ташкилотларини кенг жалб қилиш, улар фаолиятига ташкилий-услубий ва ахборот жиҳатдан кўмаклашиш;

• мунтазам равишда Миллий БРМ доирасида амалга оширилаётган ишларни чуқур таҳлил қилиш, мавжуд муаммоларни аниқлаш, ечимлари бўйича таклиф ишлаб чиқиш, ижроси устидан жамоатчилик назоратини таъминлаш каби вазифалар юклатилди.

“Йўл харитаси”да Барқарор ривожланиш соҳасига оид ҳамкорликдаги йирик ҳаракатлар дастурларини ишлаб чиқиш мақсадида Парламентлараро Иттифоқ орқали парламентлараро ҳамкорликни йўлга қўйиш, ўзаро тажриба алмашиш ва таълим олиш механизмларини ривожлантириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.

Қўшма қарор Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида белгиланган “инсон қадрини юксалтириш ва эркин фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш орқали халқпарвар давлат барпо этиш” тамойили билан уйғун эканини қайд этиш лозим.

Бир сўз билан айтганда, мазкур қўшма қарор Ўзбекистоннинг БРМ соҳасидаги сиёсатига, БМТ доирасида 2030 йилгача бўлган кун тартибини амалга ошириш бўйича келишилган ёндашувларга мос келади. Унда белгиланган чора-тадбирлар парламент, фуқаролик жамияти институтлари, ижроия ҳокимияти органлари – тегишли вазирлик ва идоралар, бизнес ҳамжамиятнинг юртимизни барқарор ривожланишини таъминлаш борасидаги роли, аҳамияти ва масъулиятини оширади. Охир-оқибатда бу – фуқаролар фаровонлиги, юртимизнинг халқаро хамжамиятда ўзининг муносиб ўрнини эгаллаши ва мустаҳкамлашига хизмат қилади.

Акмал САИДОВ,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси

Қонунчилик палатаси Спикерининг

биринчи ўринбосари


Кўришлар сони: 6

Депутатлар минбари

Янгиликлар

11.01.2023
Қонун лойиҳаси билан солиқ имтиёзлари берилади

2023 йил 11 январь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси...

10.01.2023
Ўқитувчиларни мажбурий меҳнатга жалб қилганлик учун жавобгарлик кучайтирилмоқда

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик...

10.01.2023
Яна бир Конвенция ратификация қилинмоқда

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида “Халқаро меҳнат ташкилотининг ишчиларни...

Тадбирлар тақвими