Cайт ранги: A A


Фракция йиғилишлари

Педагогикага қилинган хиёнат — мамлакат келажагига хиёнатдир

Педагогикага қилинган хиёнат — мамлакат  келажагига хиёнатдир

Бугунги кунда ўқитувчининг ўзи мукаммал билимли, етук педагог бўлса, у тарбиялаётган ўқувчилар ҳам бугунги кун талабларига жавоб берадиган кадр бўлиб шаклланиши кундек равшан.

Кейинги йилларда мамлакатимизда мажбурий меҳнатга бутунлай барҳам бериш, айниқса, педагогларни хизмат вазифасидан бошқа ишларга жалб қилишнинг олдини олиш, жамиятда ўқитувчилар нуфузини оширишга алоҳида эътибор қаратилаётгани сабаби ҳам шунда.

Аммо педагогларни уларнинг касбий фаолияти билан боғлиқ бўлмаган тадбирларга ноқонуний жалб этиш ҳолатлари ҳамон давом этаётгани кўнгилни хира қилади. Хусусан, улардан турли ҳисобот ва ахборотлар талаб қилинаётгани ўқувчиларга сифатли таълим бериш ишларига салбий таъсир кўрсатмасдан қолмаяпти.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Миллий тикланиш” демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилишида бу ҳақда маълум қилинди.

Йиғилишда кўриб чиқилган дастлабки ҳужжат — “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси бўлди.

Таклиф этилаётган қонун лойиҳаси билан ўқитувчиларнинг иш самарадорлигини ошириш ва лавозим мажбуриятига кирмайдиган вазифаларга жалб этиш жараёнларига барҳам бериш орқали педагогларнинг жамиятда нуфузини мустаҳкамлаш мақсадида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ва Жиноят кодексларида педагогларни мажбурий меҳнатга жалб қилганлик учун жавобгарлик белгиланмоқда.

“Миллий тикланиш” демократик партияси сайловолди дастурида ўқитувчи ва устозлар мақомини ошириш, ижтимоий муҳофазасини кучайтириш, улар учун қулай, ортиқча қоғозбозлик ва расмиятчиликдан холи меҳнат шароитларини яратиш устувор вазифа сифатида белгиланган.

—Янги Ўзбекистон ислоҳотларининг энг катта муваффақиятларидан бири шубҳасиз, педагогларни пахта даласига жалб қилишни бутунлай чеклангани бўлди, — деди “Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси раҳбари Aлишер Қодиров. —Лекин мажбурий меҳнатнинг айрим кўринишлари ҳамон сақланиб турибди. Шу боис, ушбу қонун лойиҳаси билан жазо чоралари янада кучайтирилмоқда ва партиямиз бундай қонун лойиҳаларини сўзсиз қўллаб-қувватлайди. Зотан, педагогикага қилинган хиёнат — мамлакат келажагига қилинган хиёнатдир.

Фракция аъзолари қонун лойиҳасини муҳокама қилиш жараёнида партия мақсад ва вазифаларидан келиб чиқиб, уни янада такомиллаштириш бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди. Қизғин муҳокамалардан сўнг, қонун лойиҳаси маъқулланди.

Йиғилишда “Болалар масалалари бўйича комиссиялар ташкил этилганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ҳам муҳокама қилинди.

Депутатлар қонун лойиҳасининг қабул қилиниши болалар масалалари бўйича комиссиялар фаолиятининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлашга ва улар фаолиятини самарали ташкил этишга хизмат қилишини эътиборга олиб, уни қўллаб-қувватлади.


Кўришлар сони: 9

Депутатлар минбари

Янгиликлар

11.01.2023
Қонун лойиҳаси билан солиқ имтиёзлари берилади

2023 йил 11 январь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси...

10.01.2023
Ўқитувчиларни мажбурий меҳнатга жалб қилганлик учун жавобгарлик кучайтирилмоқда

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик...

10.01.2023
Яна бир Конвенция ратификация қилинмоқда

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида “Халқаро меҳнат ташкилотининг ишчиларни...

Тадбирлар тақвими