Фракция йиғилишлари
Яна бир ҳужжат ратификация қилинади
.jpg)
Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда дастлаб “Ҳалқаро меҳнат ташкилотининг ходимларни иш жойидаги ҳавонинг ифлосланиши, шовқин ва тебранишлар туфайли юзага келадиган касбий хавф-хатардан ҳимоя қилиш тўғрисидаги 148-сонли Конвенциясини (Женева, 1977 йил 20 июнь) ратификация қилиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, мазкур Конвенция 1977 йил 1 июнда Халқаро меҳнат ташкилоти Бош конференциясининг 63-сессиясида қабул қилинган бўлиб, 1977 йил 20 июнда кучга кирган. Халқаро ҳужжатда иш жойларида меҳнат шароитларини, жумладан, зарарли ва хавфли ишлаб чиқариш омилларини, меҳнат жараёнларининг оғирлиги ва тиғизлигини ҳамда асбоб-ускунларнинг жароҳатлаш хавфлилигини баҳолаш, шунингдек, меҳнат шароитларини қонун ҳужжатларида белгиланган талабларга мувофиқлаштириш бўйича қонунчиликни янада такомиллаштириш белгиланган.
Ратификация амалга оширилиши иш жойида ҳаво ифлосланиши, шовқин ва тебраниш туфайли вужудга келадиган касбий хавф-хатарларнинг олдини олиш, аниқлаш ва бартараф этиш борасидаги халқаро стандартларни мамлакатимизда жорий этишга хизмат қилади. Бу масалалар Халқ демократик партияси дастурий мақсадларига, фуқароларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтиришга, иш берувчиларнинг ходимлар олдидаги масъулиятини кучайтиришга асосларни янада мустаҳкамлайди. Шунинг учун ҳужжат бир овоздан маъқулланди.
Йиғилишда депутатлар “Маъмурий қамоқни ўташ тартиби тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳасини ҳам кўриб чиқди. Суд қарорларини қайта кўриш институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал кодекси, Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекси, Иқтисодий процессуал кодекси, Жиноят-процессуал кодекси, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларига 2021 йил 12 январдаги қонунлар билан тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.
Ушбу Қонунларда, маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколатини маъмурий судлардан жиноят ишлари бўйича судларга ўтказиш ва бошқа шу каби масалалар назарда тутилган. Қонун лойиҳаси билан Маъмурий қамоқни ўташ тартиби тўғрисидаги қонуннинг 5- ва 24-моддаларидаги тегишли ўзгартишлар киритилмоқда. Ҳужжатнинг муҳимлиги инобатга олиниб, лойиҳа депутатлар томонидан қўллаб-қувватланди.
Йиғилишда фракция фаолиятига оид масалалар ҳам кўриб чиқилди. Ўзбекистон ХДП фракциясининг 2023 йилга мўлжалланган чора-тадбирлар режаси депутатлар фикр-мулоҳазалари ва таклифлари асосида тасдиқланди.
Тадбир ташкилотчилари
Кўришлар сони: 2