Қўмита ва комиссиялар йиғилишлари
Қонун лойиҳаси билан солиқ имтиёзлари берилади

2023 йил 11 январь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси томонидан “Солиқни ҳисоблаб чиқариш тартибининг айрим қоидалари такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси дастлабки тарзда кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, мазкур ҳужжат фойдаланилмаётган объектлар эгаларига нисбатан мол-мулк ва ер солиғининг оширилган ставкалари қўлланилишини бекор қилиш, давлат органларига, муассаса ва ташкилотларига доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан ажратилган ва улар томонидан бошқа ташкилотларга ижарага берилган ерларни солиққа тортиш тартибини такомиллаштириш мақсадида ишлаб чиқилган.
Қонун лойиҳаси билан 2022 йил 1 июлдан бошлаб фойдаланилмаётган кўчмас мулк объектларига мол-мулк ва ер солиқларининг оширилган ставкаларини қўллаш ва имтиёзларнинг амал қилинишини тўхтатиш тартиби бекор қилинади.
Бундан ташқари, 2025 йилнинг 1 январига қадар электротехника тармоқ корхоналарининг ихтисослаштирилган марказларининг объектлари ва улар эгаллаган ер участкалари бўйича мол-мулк ва ер солиқларини ҳисобланган суммадан 1 фоиз, шунингдек, ижтимоий солиқни ҳам 1 фоизли ставка бўйича тўлаш тартиби назарда тутиляпти.
Қонун лойиҳасидаги норамлар мамлакат солиқ тизимини такомиллаштиришга, бизнес муҳитини яхшилашга, фуқароларни қўшимча ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва уларнинг мулкий хуқуқларини химоя қилишга хизмат қилади.
Муҳокамалар сўнггида, қўмита томонидан қонун лойиҳасини дастлабки тарзда кўриб чиқиш якунлари юзасидан қарор қабул қилинди.
Тадбир ташкилотчилари
Кўришлар сони: 3