Қўмита ва комиссиялар йиғилишлари
Ўқувчиларнинг соғлом овқатланиши назорат-таҳлил тартибида ўрганилди
.jpg)
2022 йил 29 декабрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш борасидаги ислоҳотларни ҳаётга татбиқ этиш бўйича парламент комиссияси ва Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш масалалари қўмитаси томонидан Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилояти халқ таълими тизимидаги умумтаълим мактабларида ўқувчиларнинг соғлом овқатланиши учун яратилган шароитлар, шунингдек, бошланғич синф (1-4-синф) ўқувчиларининг бепул овқат билан таъминланиш ҳолатини назорат-таҳлил тартибида ўрганиш якунларига бағишланган тадбир ўтказилди.
Таъкидланганидек, сўнгги йилларда мамлакатимизда ўсиб келаётган авлодни соғлом ва ҳар томонлама етук қилиб вояга етказиш, таълим-тарбия жараёнига самарали таълимнинг янги шакллари ҳамда усулларини жорий этиш, ёшлар касб-ҳунар эгаллаши, малакали кадрлар тайёрлашга қаратилган таълимнинг самарали тизимини ташкил этиш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, “Таълим тўғрисида”ги Қонун янги таҳрирда ҳамда “Мактабгача таълим ва тарбия тўғрисида”ги Қонун, Ўзбекистон Республикаси Президентининг қатор фармон ва қарорлари қабул қилиниб, улар доирасида умумтаълим мактаблари билан бир қаторда иқтидорли болалар учун Президент мактаблари, ихтисослашган мактаблар ташкил этилди, хусусий мактаблар фаолият юритмоқда. Уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, малакали кадрлар билан таъминлаш, таълим сифатини яхшилаш борасида тизимли ишлар қилиняпти.
Тадбирда келтириб ўтилганидек, “2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегиясини “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури” доирасида Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида тажриба-синов тариқасида бошланғич синф (1-4-синф) ўқувчиларини бепул овқат билан таъминлаш тизими жорий этилди. Бу ҳудудларда тажриба-синов тариқасида бошланғич синф ўқувчиларини бепул овқат билан таъминлаш учун “2022 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятлари маҳаллий бюджетларига 100 млрд. сўмдан жами 200 млрд. сўм маблағлар ажратилди. Давлат дастурида бу амалиётни 2022 йил 1 апрелдан жорий этиш белгиланган бўлса, ундан ҳам олдин, яъни 2022 йилнинг февралидан бошлаб йўлга қўйилди.
Ўрганишлар жараёнида депутатлар томонидан умумтаълим мактабларининг бошланғич синф ўқувчиларини бепул овқатлантириш борасидаги ишлар — озиқ-овқат маҳсулотлари хариди, етказиб берилиши, сақланиши, ўқувчиларни овқатлантириш ҳолати, ўқувчиларнинг соғлом овқатланиши учун ошхоналар ва буфетлар ташкил этилганлиги ҳамда улардан фойдаланиш ҳолати атрофлича ўрганилди.
Маълум бўлишича, Вазирлар Маҳкамасининг “Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида жойлашган умумий ўрта таълим муассасаларида соғлом овқатлантириш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарори ижросини таъминлаш мақсадида Халқ таълими вазирлиги томонидан Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати билан келишган холда, “Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилояти умумтаълим мактабларидаги 7-11 ёшли ўқувчилар учун нонуштага мўлжалланган 5 кунлик таомнома” тасдиқланиб, барча умумтаълим мактабларига етказилган.
Шу билан бирга, Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятидаги умумтаълим мактаблари ошхоналари хатловдан ўтказилиб, унинг натижаларига кўра, ошхона ва буфетлар маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан таъмирлаш ва жиҳозлаш чоралари кўрилмоқда.
Умумтаълим мактабларида соғлом овқатлантириш тизимини доимий назорат қилиш бўйича масъул ходимлар бириктирилган. Қорақалпоғистон Республикасидаги 716 та умумтаълим мактаб географик жойлашувини ҳисобга олган ҳолда ҳудудлар кесимида 64 та лотга, Хоразм вилоятидаги 542 мактаб 34 лотга жойлаштирилиб, тендер танловлари асосида ғолиб топилган кейтеринг ташкилотлари томонидан мактабларга ҳар кунлик озиқ-овқат етказиб берилмоқда.
Йиғилишда депутатлар томонидан соҳада амалга оширилган ишлар эътироф этилиб, бошланғич синф ўқувчиларини давлат маблағлари ҳисобидан бепул, соғлом овқатлантиришни ташкил этиш учун давлат харидларини амалга ошириш механизмларини соддалаштириш, таомномани мутахассислар билан биргаликда қайта кўриб чиқиш, умумтаълим мактабларида мавжуд ошхона(буфет)ларни тўлақонли фойдаланиш учун шароитлар яратиш, шароити мавжуд бўлмаган мактабларда ошхоналарни қуриш ишларига эътибор қаратиш лозимлиги таъкидланди.
Шунингдек, ўқувчиларни овқатлантириш тасдиқланган таомнома асосида ташкил қилиниши устидан жамоатчилитк назоратини кучайтириш, кейтеринг ташкилоти томонидан етказиб берилган таомлар таркиби ва сифати устидан доимий назоратни йўлга қўйиш бўйича таклифлар бериб, ушбу йўналишдаги ишлар юзасидан парламент назоратини кучайтиришга келишиб олинди.
Тадбир якунида билдирилган фикр-мулоҳазалар инобатга олиниб, тегишли қарор қабул қилинди.
Тадбир ташкилотчилари
Кўришлар сони: 179