Палата мажлислари
Ўқитувчиларни мажбурий меҳнатга жалб қилганлик учун жавобгарлик кучайтирилмоқда

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, сўнгги йилларда мамлакатимизда мажбурий меҳнатга барҳам бериш, айниқса таълим муассасаларининг педагогларини ўз хизмат вазифаларидан ташқари ишларга жалб қилиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш самарадорлигини оширишга қаратилган қонун ҳужжатларини, уларни рўёбга чиқариш механизмларини такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Хусусан, Президентимизнинг 2018 йил 14 августдаги тегишли қарорига мувофиқ, халқ таълими ходимларини хизмат мажбурияти билан боғлиқ бўлмаган ишларга жалб этиш, мажбурий меҳнатга, шу жумладан туман ва шаҳар ҳудудларини ободонлаштириш ҳамда кўкаламзорлаштириш ишлари, мавсумий қишлоқ хўжалиги ишлари, шунингдек, бошқа турдаги ишларга жалб қилиш таъқиқланган.
Аммо педагогларни уларнинг касбий фаолияти билан боғлиқ бўлмаган тадбирларга ноқонуний жалб этиш ҳолатлари давом этяпти. Жумладан, педагоглар ҳудудлардаги ижтимоий-иқтисодий муаммолар ва масалаларни ҳал этиш учун тузилган кўплаб ишчи гуруҳлар таркибига асоссиз киритилмоқда, улардан турли ҳисобот ва ахборотлар талаб қилинмоқда.
Таҳлилларга кўра, педагоглар маҳалла ва бошқа жамоат ташкилотлари томонидан ўтказиладиган тадбирлар, кўргазмаларни ташкил этиш, Давлат тест маркази томонидан ташкил этиладиган олий таълимга қабул тест синовларида назоратчи сифатида қатнашиш, ҳокимликларга битирувчилар бандлигини таъминлаш бўйича ҳисобот тақдим этиш ва бошқа шу каби ўз вазифасига кирмайдиган ишларга жалб этиляпти.
Бу каби нотўғри амалиётнинг шакллангани эса, мактабларда педагогларнинг таълим бериш жараёнларига тўлиқ тайёрланиш, ўқувчиларга сифатли таълим бериш ишларига салбий таъсир кўрсатмоқда.
Муҳокама қилинаётган қонун лойиҳаси билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ҳамда Жиноят кодексларига таълим муассасасининг педагог ходимларини мажбурий меҳнатга жалб қилиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарликни янада кучайтиришга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилмоқда.
Хусусан, ўқитувчиларнинг иш самарадорлигини ошириш ва лавозим мажбуриятига кирмайдиган вазифаларга жалб этиш жараёнларига барҳам бериш орқали педагогларнинг жамиятда нуфузини мустаҳкамлаш мақсадида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ва Жиноят кодексида педагогларни мажбурий меҳнатга жалб қилиш учун жавобгарликни белгилаш, шунингдек, педагогнинг хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилиш учун маъмурий жазо чораларини кучайтириш таклиф этилмоқда.
Ушбу қонун лойиҳасининг қабул қилиниши таълим муассасасининг педагог ходимини мажбурий меҳнатга жалб қилиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарликни янада кучайтириш баробарида, жамиятда қонунийлик ва қонун устуворлигини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Мажлисда депутатлар қонун лойиҳаси юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди, лойиҳани янада такомиллаштириш бўйича асосли таклифларни илгари суришди.
Баҳс-мунозаралардан сўнг, ушбу ҳужжатнинг бугунги кундаги зарурати ва аҳамияти эътиборга олиниб, депутатлар томонидан қабул қилинди.
Кўришлар сони: 14