Палата мажлислари
Яна бир Конвенция ратификация қилинмоқда

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида “Халқаро меҳнат ташкилотининг ишчиларни иш жойида ҳаво ифлосланиши, шовқин ва тебраниш туфайли вужудга келадиган касбий хавф-хатардан ҳимоялаш тўғрисидаги 148-сонли Конвенциясини (Женева, 1977 йил 20 июнь) ратификация қилиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, Халқаро меҳнат ташкилотининг 148-сонли Конвенцияси 5 та боб ва 24 та моддадан иборат бўлиб, унинг мақсади миллий қонунчилик ёки қоидалар орқали иш жойларида ҳавонинг ифлосланиши, шовқин ва тебраниш туфайли вужудга келадиган касбий хавф-хатарлардан огоҳлантириш, уларни чеклашга ҳамда ушбу хатарлардан ҳимояланишга йўналтирилган чоралар қабул қилинишини белгилайди.
Ушбу Конвенция 47 та давлат томонидан ратификация қилинган бўлиб, Германия, Франция, Италия, Буюк Британия каби европа давлатлари ҳамда МДҲ мамлакатларидан Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Озарбайжон Республикалари ва Россия Федерацияси шулар жумласига киради.
Конвенциянинг ратификация қилиниши иш жойларида меҳнат шароитларини, жумладан зарарли ва хавфли ишлаб чиқариш омилларини, меҳнат жараёнларининг оғирлиги ва тиғизлигини ҳамда асбоб-ускуналарнинг жароҳатлаш хавфлилигини баҳолаш, шунингдек, меҳнат шароитларини қонун ҳужжатларижа белгиланган талабларга мувофиқлаштириш мақсадида иш ўринлари меҳнат шароитлари ва асбоб-ускуналарнинг жароҳатлаш хавфлилиги юзасидан аттестациядан ўтказишни назарда тутади.
Депутатларнинг айтишича, мазкур Конвенцияга қўшилиш Халқаро меҳнат ташкилоти экспертлари ҳамкорлигида меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги халқаро стандартларни миллий қонунчилигимизга жорий этиш бўйича изчил чораларни кўришга хизмат қилади.
Муҳокамалар давомида депутатлар қонун лойиҳаси юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди. Қизғин кечган баҳс-мунозаралардан сўнг, қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилинди.
Кўришлар сони: 9