Палата мажлислари
Истеъмолчилар учун қўшимча имкониятлар яратилмоқда

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида “Истеъмол кредитини ажратиш тизимини такомиллаштиришга қаратилган “Истеъмол кредити тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.
Таклиф этилаётган қонун лойиҳаси Президентимизнинг 2022 йил 12 августдаги “Замонавий билим ва касб-ҳунар эгаллаш имкониятларини кенгайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорининг ижросини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган.
Қайд этилганидек, бугунги кунда молиявий истеъмол кредитлари учун талаб ортиб бориши, бироқ Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган товарлар (хизматлар)га молиявий истеъмол кредит ажратилиши амалдаги қонун билан чекланган.
Шу боис, мамлакатимиз аҳолисининг таълим олиш, меҳнат қилиш ҳамда турмуш шароитларини яхшилаш мақсадида улар учун зарур бўлган барча истеъмол товарлари (хизматлари) билан тўлақонли таъминлаш кўзда тутилган.
Шунингдек, хусусий тадбиркорликни янада ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар ва истеъмолчи-фуқаролар учун қўшимча имкониятлар яратиш мақсадида банклар ва бошқа кредит ташкилотлари томонидан тақдим этилаётган молиявий истеъмол кредитидан фойдаланиш механизми қайтадан кўриб чиқилмоқда.
Депутатларнинг айтишича, қонун лойиҳасининг ҳаётга тадбиқ этилиши орқали республикамизда ишлаб чиқарилмайдиган товарлар (хизматлар)ни истеъмол кредити орқали харид қилиш имконияти яратилади.
Шу билан бирга, қонун лойиҳасига киритилаётган ўзгартиришлар, глобал бозорларда ўсаётган рақобат шароитларида, мамлакат ишлаб чиқарувчиларининг инновацион ривожланиш моделига тезкор ўтишига стимул бўлишига, янги ғоялар ва технологияларни тадбиқ этишга ёрдам беради.
Мажлисда қонун лойиҳасини янада такомиллаштириш бўйича бир қатор таклиф ва тавсиялар билдирилиб, ушбу ҳужжат қабул қилинди.
Кўришлар сони: 9